Қашқадарёда ўзларича “кўча қонуни” деган сохта тушунча билан қонун устуворлигини менсимай келаётган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар қилди.
Қўлга олинганлар орасида 38 ёшли Жалолиддин Икромов, лақаби “Жалол Эскишаҳар”, 24 ёшли Алишер Ҳамроев, 41 ёшли Темур Нормуродов, лақаби “Дикий”, 31 ёшли Маъруф Мавлянов, лақаби “Борзий” лар бор.
Тергув маълумотларига кўра, гуруҳ қарз ундириш билан шуғулланиб, Самарқанд вилоятида яшовчи тадбиркор Абдуазовнинг буюртмаси асосида Яккабоғ туманидаги Алиевдан 520 миллион сўм маблағни талаб қилган. Улар пулни ололмай қолса, шахс ва унинг оила аъзоларини қўрқитиш ва ўлдириш билан таҳдид қилган.
Буюртмачи топшириғи асосида ҳаракат қилган жиноий гуруҳ аввал 1000 АҚШ доллари, шунингдек қарздордан банк пластик картаси орқали 200 миллион сўм ва кейинчалик яна 300 миллион сўм маблағни қабул қилиб олган, аммо уни буюртмачи тадбиркор Абдуазовга бермай, ўзлаштириб юборган.
Гуруҳнинг тўрт аъзоси ва буюртмачи Абдуазов Фирдавс қўлга олинди. Уларга нисбатан Яккабоғ тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси, учинчи қисми, “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Изоҳ