Аввалроқ, 25 февраль куни соат 14:47 да Қўқон шаҳрининг "Бўстон" маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида газ чақнаши содир бўлиб, ёнғин юзага келгани ҳақида хабар берган эдик. Қутқарувчилар вайроналарни тозалаш пайтида одам жасадини топишди.
Тергов департаменти Матбуот хизматининг маълум қилишича, портлаш ва ёнғин оқибатида бир нечта хонадонларга зарар етган. 19 ёшли уй эгаси ҳалок бўлган.
Ташкилот маълумотларига кўра, бетон плита қулаши оқибатида йигит оғир тан жароҳати олган ва воқеа жойида вафот этган.
"Бошқа жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмади. Ҳодиса жойини Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ ҳужжатлаштириш, иш учун аҳамиятга эга бўлган нарса ва буюмларни олиш, гувоҳлардан батафсил кўрсатмалар олиш ҳамда бошқа зарур тергов ҳаракатларини амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди," дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми "а" банди (одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
Изоҳ