Республиканинг 2000 дан ортиқ масжидларида таровиҳ намозлари 18 февраль куни соат 20:30 дан кейин ўқилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар куни тахминан 1 миллионга яқин инсон ташриф буюриши кутилмоқда, дея хабар бермоқда ИИВ Матбуот хизмати.
Унда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун жами 20 000 нафарга яқин Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари ходими ва ҳарбий хизматчилари жалб этилади.
Масжидлар атрофи видеокузатув камералари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Мониторинг ва мувофиқлаштириш марказига интеграция қилинган.
Йўлларда хавфсизликни таъминлашга республика бўйлаб 2500 га яқин Йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилади.
Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бевосита автомобиль йўлларига ёндош жойлашган масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чеклаш чоралари кўрилади. Масжидларга кириш жойларида махсус бетон ёки металл тўсиқлар ўрнатилиб, 150 метр узоқликда алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилади.
Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда транспорт воситаларининг эвакуациясини ташкил этиш мақсадида объектлар олдига 200 дан ортиқ махсус техникалар жойлаштирилади.
Масжидлар атроф ҳудудларида ташкил этилган автотураргоҳларда ўғирлик жиноятлари содир этилишини олдини олиш мақсадида Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳлар патруллик қилади.
Изоҳ