Жорий йилнинг январь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёл кишининг бошсиз мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан 2 нафар Ўзбекистон фуқароси гумонланиб, қўлга олинганди.
Воқеадан сўнг, марҳума аёл Дурдона Ҳакимованинг яқин дугонаси Сайёра Эргашалиева ҳам бедарак йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган Сайёра Эргашалиеванинг вафот этганлиги аниқланган.
Тергов жараёнида гумонланувчилар С.Эргашалиева юзасидан кўрсатма беришдан бош тортганликлари қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил 22 январь куни марҳумалар ҳамда гумонланувчилар Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган ресторанлардан бирида биргаликда тушлик қилган. Учрашув давомида С.Эргашалиева ва Г.К. ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро С.Эргашалиеванинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ масалада келиб чиққан.
23 январь куни Т.Д. ва К.Г. ўзаро тил бириктириб С.Эргашалиевани аввал пичоқ билан ўлдириб, танани бир неча қисмларга бўлиб Фотиҳ туманидаги ахлат қутиларига ташлашган.
24 январь куни қотиллар С.Эргашалиеванинг телефонидан Д.Ҳакимовага СМС хабар юбориб уни ҳам чақириб, С.Эргашалиева сингари уни пичоқ тиқиб ўлдириб, танани бир нечта қисмларга бўлиб, Шишли туманидаги ахлат қутиларига ташлашган.
С.Эргашалиеванинг жасади топилганлиги ҳақида ОАВ да маълумот тарқалди. Бироқ Истанбул Суд тиббий экспертизасига ҳозирча жасад олиб келинмади.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни доимий назоратга олган бўлиб, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш бўйича эҳтиёт чора қўлланилган ва улар айбига иқрор бўлишган, ҳужжатлар судга тақдим қилинган.
Изоҳ