Ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг айрим ҳудудларида "ақлли" иссиқ сув ҳисоблагичлари кўрсаткичларни узатмаётгани ва истеъмолчиларнинг шахсий кабинетида кўрсатилмаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Veolia Energy Tashkent матбуот хизматининг маълум қилишича, кўрсаткичларни автоматик узатиш нафақат ҳисоблагичнинг ўзига, балки қабул қилувчи антенналар ва маълумотларни узатиш каналларини ўз ичига олган алоқа инфратузилмасига ҳам боғлиқ. Лекин ҳозирги босқичда қабул қилиш инфратузилмаси қамрови ҳали юз фоиз эмас.
Қайд этилишича, айрим уй ва биноларда ҳисоблагичдан келаётган сигнал антеннага етиб бормаслиги, конструктив хусусиятлари эса маълумотларни барқарор узатишни қийинлаштириши мумкин. Бир қатор ҳолларда сигнални қабул қилиш сифатига ташқи радиотехник шароитлар, шу жумладан симсиз алоқа барқарорлигини пасайтириши мумкин бўлган объектларнинг жойлашуви таъсир қилади. Шунингдек, янги антенналарни ёқиш учун рухсатномалар олиш талаб этилади, бу эса тартибга солинган тартиб-қоидалар билан боғлиқ.
"Компания ушбу жараённи тезлаштириш ва йўлга қўйиш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Агар маълумотларни автоматик узатиш вақтинча имконсиз бўлса, бу қурилма ишламайди ёки тизим томонидан қўллаб-қувватланмайди дегани эмас," - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, алоқа бўлмаган тақдирда ҳам ҳисоблагич истеъмол қилинган иссиқ сув ҳажмини тўғри ўлчашда давом этади ва маълумотларни ички хотирада сақлайди. Барқарор алоқа тиклангандан сўнг, тўпланган кўрсаткичлар автоматик режимда тизимга узатилади.
Компания, шунингдек, маълумотларни қабул қилиш тармоғини кенгайтириш ва рақамли тизимларни ривожлантириш бўйича ишлар давом этаётганини таъкидлади. Янги антенналар уланган сари, кўпроқ ҳисоблагичлар кўрсаткичларни автоматик узатиш режимига тўлиқ ўтади.
Изоҳ