Сенатнинг 10-ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Қонун маъқулланди.
Ҳужжатга кўра, Жиноят кодекси шахс тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан жазони ўташ муддатини қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилмоқда.
Бунда маҳкум Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиши шартлиги белгиланмоқда.
Кўрсатиб ўтилган китоблар ўқиб чиқилганлиги факти тасдиқлангандан кейин комиссиянинг хулосаси асосида ҳар бир ўқиб чиқилган китоб учун жазони ўташ муддати уч кунга, бироқ йилига ўттиз кундан ошмаган муддатга қисқартирилиши мумкин.
Бунда мазкур норма фақат муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин бўлган шахслар учун назарда тутилади.
ИИВ бошлиғи ўринбосари Бекмурод Абдуллаевнинг айтишича, сўнгги 8 ой ичида маҳкумлар Тоҳир Маликнинг "Инсонлик - энг катта бойлик," Тоғай Муроднинг "Отамдан қолган далалар," Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси," "Дунёнинг ишлари," Ўлмас Умарбековнинг "Одам бўлиш қийин" каби асарларини, жаҳон адабиётидан эса Фёдор Достоевскийнинг "Телба," "Жиноят ва жазо" романларини энг кўп ўқиган.
Сенаторлар қайд этганидек, қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумлар билан олиб бориладиган тарбиявий ишларнинг самарадорлигини оширишга, уларнинг оиладан ва жамиятдан ажралиб қолишининг олдини олишга, китоб ўқишга рағбатлантиришга, уларда қонунга итоаткорлик, маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган.
Изоҳ