Фарғона вилояти "Водил авто" чегара божхона пости орқали умумий баҳоси 5 млрд сўмдан ортиқ заргарлик буюмларини Ўзбекистонга олиб кирган шухс ушланди, дея хабар бермоқда ДХХ Матбуот хизмати.
Унга кўра, ДХХнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қирғиз Республикасидан "Водил авто" чегара божхона пости орқали Фарғона вилояти ҳудудига ўтган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда текширилди.
Текшириш натижасида, ушбу шахс эгнидаги кийимлари остига яширган ҳолда, жами 859 дона заргарлик буюмлари ва 1 дона қўл соатини қўшни давлатдан олиб келганлиги аниқланди.
Экспертлар хулосасига кўра, кимёвий таркиби олтин ҳисобланган, бриллиант тошлари билан безак берилган мазкур заргарлик буюмларининг соф оғирлиги 4 кг. 155 гр. бўлиб, умумий баҳоси 5 млрд 213 млн сўмни ташкил этади.
Аниқланишича, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 10 нафарга яқин савдогарлар томонидан Туркия давлатидан Қирғиз Республикасига олиб келинган ушбу заргарлик буюмларини мазкур шахс 400 АҚШ доллари хизмат ҳақи эвазига чегара божхона постидан ўтказиб бериши керак бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми "а" банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу қимматбаҳо буюмлар эгаларининг шахсига аниқлик киритилмоқда.
Изоҳ