Uzbekistan Airports компанияси Матбуот хизмати хабарига кўра, компания Мўғулистоннинг Hunnu Air авиакомпанияси билан музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказди. Йиғилишда иштирок этиш учун авиакомпания бош директори Пуревжав Мунхжаргал Тошкентга келди.
Томонлар Тошкент ва Улан-Батор ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам йўловчи қатновларини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Авиакомпания жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Embraer 190 самолётларида ҳафтасига икки марта парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Музокараларда, шунингдек, Мўғулистон авиаташувчиси раҳбари Тошкентни нафақат истиқболли, сайёҳлар ва ишбилармонлар учун қизиқарли манзил, балки Мўғулистон ва қўшни давлатлар йўловчилари парвозлари учун кенг имкониятлар очиб берувчи транзит “Хаб” сифатида ҳам кўришини таъкидлади.
Hunnu Air — 2011 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Улан-Батор шаҳридаги Чингизхон халқаро аэропортида жойлашган хусусий мўғул авиакомпаниясидир. Авиакомпания ички ва халқаро парвозларни ATR 72-500 ҳамда Embraer 190 самолётларида амалга оширади.
Изоҳ