Излаш
RUUZ

Сиёсат

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ТИВ раҳбарлари учрашди

Вазирлар пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг устувор йўналишларини белгилаб олишди.

1159views0replies
0

ТИВ

Кеча, 25 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумидаги иштироки доирасида Жанубий кореялик ҳамкасби Кан Гён Ҳва билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.  
ТИВ раҳбарлари икки томон кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг ташкилий жиҳатларини кўриб чиқди.
Қайд этилишича, Корея томони сиёсат, савдо, инвестиция, молия, AКТ, фан ва технологиялар соҳасидаги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик суръатига юқори баҳо берган.
2019 йил икки томонлама муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилиши Ўзбекистон – Жанубий Корея алоқаларининг теран ва узоқ муддатли эканлигидан дарак бериши таъкидланди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашишда ҳамкорлик қилишнинг ижобий тажрибаси мамнуният билан эътироф этилиб, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларнинг устувор аҳамияти қайд этилди. Ўзаро савдонинг аввалги ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва унинг ҳажмаларини ошириш учун аниқ чоралар кўришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги билдирилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда янги тиббиёт муассасаларини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши жараёни кўриб чиқилди.
Вазирлар томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумида иштирок этмоқда.
1159views0replies
0

Изоҳлар