Излаш
RUUZ

Сиёсат

Қашқадарёдаги тижорат банклари прокуратура назоратига олинади

Вилоят ҳокими ҳудуддаги тадбиркорлар билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг шундай қарорга келган.

759views0replies
0

Қашқадар вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фаолияти давомида муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри "Zoom" дастури орқали мулоқот қилди. Мазкур мулоқот сўнггида вилоят ҳокими Қашқадарёдаги тижорат банклари прокуратура назоратига олиниши ҳақида гапириб ўтган.
Суҳбат давомида, Қарши тумани Хонобод ҳудудидан 27 нафар тадбиркорларга иссиқхона қуриш учун туман ҳокимининг қарори билан 124 гектар ер майдони ажратилганлиги, бироқ улар кредит олиш учун тижорат банкларига зарур ҳужжатларни топширганига қарамасдан, банк ходимлари молиявий ресурс йўқлигини рўкач қилиб, тадбиркорларга ҳамон кредит ажратишни ортга суриб келаётганлиги айтилган.
Бу ҳолат юзасидан банк раҳбарларининг фикри тингланганда, аксарият банклар, айнан, нима учун тадбиркорларга кредит ажратмаганлиги ҳақида тайинли изоҳ бера олишмаган.
Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан вилоят прокуратура ходимларидан ишчи гуруҳи тузилиб, вилоятдаги тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ўрганилиши ҳамда натижалар юзасидан вилоят халқ депутатлари сессиясида мазкур масала кўриб чиқилиши таъкидланди. Сессияга қадар вилоят ахборот маконида банклар фаолиятини баҳоловчи ижтимоий сўровномалар ўтказилиши бўйича кўрсатма берилди.
Маълумот учун, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади.
Аввалроқ, вилоят ҳокими байрамларга 10 кун қолганда ҳисобот учун ярмаркалар ташкил қилишни қоралаганди.
759views0replies
0

Изоҳлар