Излаш
RUUZ

Жамият

Коррупцияни эртага енгиш учун иккита масалани бугун ҳал қилишимиз керак — Алишер Қодиров

“Миллий тикланиш” ДП раиси жамиятда коррупцияни йўқотиш учун қайси муаммолар бугун ўз ечимини топиши шартлигини айтди. 

2713views2replies
0

mt.uz

“Миллий тикланиш” ДП раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров коррупцияни йўқотиш учун нималар қилиш кераклигини маълум қилди.  
“Корейс сериалида бир эпизод диққатимни тортди: бахтсиз ҳодиса сабабли оиласини йўқотган, ёлғиз қолган ёш йигит йиллар ўтиб, тасодифан бахтсиз ҳодисада омон қолган укасини топиб олади. Кўз ёшлар, соғинч тўла қучоқлашишлар... Бироз ўтиб шу йигит акасининг қотил эканлигини билиб қолади ва ёлғон билан яшай олмаслигини айтиб, акасини айбига иқрор бўлишга кўндиради. Ака умрбод қамалади...
Ёлғон билан яшай олмаслик... Бу қандай хислат?
Немислар вақтга соатдек амал қиладилар, японлар ташаббусларни амалга оширишда иккиланмайдилар, турклар байроғи учун ўлишга тайёр... Бу халқларнинг характерига айланиб кетган хислатлар шу халқларнинг тарбия тизимига сингдириб юборилган. Корейслар ҳам шу сабаб ёлғон билан яшай олмайдиган даражада тўғрилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг интервьюсини ўқиб чиқиб, хулосамни ёзишни зарур деб ҳисобладим. Чунки бу катта кураш. Уни биргина агентлик зиммасига юклаб қўйиб, натижани осмондан тушиб қолишини кутиб ўтириш нотўғри бўлади. Бу курашда лоқайд бўлмаган барча иштирок этиши керак.
Жамиятимизда мустаҳкам илдизларга эга коррупцияни бошқарув тизимида шаффофлик ёки ғарбда муваффақиятга эришган назорат тизимларини жорий қилиш билан енгишга умид қилиш соддалик бўлади. Таҳлиллар, ишончли чиқишлар, таъсирли пиар акциялар ўткинчи кайфият яратиши мумкин, ишонинг, муаммони илдизига ҳам етиб бормайди. Қаноатим, муаммони ҳал этиш учун йиллар ва пухта ўйланган, тизимли ечим зарур.
Коррупция – бировнинг ҳақини ейишдир. Бу жиноят ҳалолликни билмайдиган, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган инсонлар томонидан амалга оширилади. Шаффоф тизимлар ҳақидаги ҳаваслар ҳам шу каби инсонлар томонидан осонгина йўққа чиқарилади. Демак, масаланинг ечими инсон омили билан боғлиқ.
Ҳалоллик ва бировнинг ҳақини ейишнинг ёмон эканлиги болалар онгостига боғчаданоқ сингдирилиши шарт. Сингдирилганида ҳам ҳозиргидек ҳисобот учун, жисмоний тарбия ўқитувчиси билан эмас, тизимли методика асосида, психология, педагогика, физиология ва мантиқни махсус, мукаммал ўқиган тарбиячилар томонидан сингдирилиши керак. Бундай ихтисослик Педагогика олийгоҳларида жорий этилиши ва бу соҳага тарбиячилик қобилиятига эга йигит-қизларни аввал психологик тестлар ва кейин имтиҳонлар билан танлаб олиниши керак. Минглаб шундай мутахассислар оилалар, боғчалар ва мактабларда фақат тарбия билан шуғулланиши керак...
Жамиятда ҳалол инсонлар кўпчиликни ташкил этмагунича коррупцияни енгиш учун серхаражат ва самарасиз кураш тугамайди. Ўзимизни ўзимиз алдамайлик! Ҳар қандай жазолаш тизимининг таъсирчанлигини инсон белгилайди. 
Коррупция – аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, яхши яшаш учун манба излашнинг оқибати ҳамдир. 
Инсон доимо яхши яшашга интилаверади. Ўқимаган, ўзини қийнамаган, дангасалик, эътиборсизлик, калтабин хатолар оқибатида ҳаётини изидан чиқариб юбориб қийналаётганларга "ўзингиз айбдорсиз" дея таъна қилиш осондир, лекин илмли, мутахассис, соҳасининг профессионаллари бўлганлар йиллаб пул йиғиб, жамғаргани кичик автомашина сотиб олишга ҳам етмаса бу ерда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимининг тўғри эмаслиги хақида гапириш керак. Албатта, коррупция яна коррупция, ўғри яна ўғри, лекин, ишонинг меҳнатига етарли ҳақ олмаган одам нотўғри бўлса ҳам ўзи учун "коррупцияга мажбурликдан қўл урдим" деб хулоса қилаверади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли тизими бўлмаган жойда қанча қўрқитманг, жазоламанг, назорат қилманг, тарбияланганлар адолатли иш хақи излаб, тарбияланмаганлар яхши, ёмон фарқи йўқ, манба излаб ҳаракатланаверади.
Биз коррупцияни бугун енголмаймиз. Жуда кўпчилик бировнинг ҳақидан қўрқмайди. Уларнинг ҳаммасини жазолаш мумкин бўлмаганидек, ҳаммасини ўзгартириб ҳам бўлмайди. Биз коррупцияни эртага енгиш учун иккита масалани бугун ҳал қилишимиз керак, яъни, тарбияни кучайтириш ва адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини яратиш. Тамом!” дея ўз фикрларини билдирган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Депутат аввалроқ, карантин даврида тўй ўтказишга ўз муносабатини билдириб, ўзбек халқи юз йилдан бери ҳеч нарса ўрмаётганини ёзганди.
2713views2replies
0

Изоҳлар