Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги "Етти саодат нури" МЧЖ раҳбари И.П чорвачик йўналишида МЧЖга тегишли ер майдони етарли эмаслиги ва экин ерлари учун сув йўқлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Натижада ўз чорва молларини ҳокимлик биносига ҳайдаб борган.
Аниқланишича, "Етти саодат нури" МЧЖга 2020 йил 13 май куни АТ "Халқ банки" Ғузор филиали томонидан 4 млрд 278 млн сўм миқдордаги чорва кредит маблағи ажратилган ва Австрия давлатидан 152 бош зотли қорамоллар олиб келинган. Банк кредитини ажратиш жараёнида МЧЖга тегишли ер майдонлари етарли эканлиги эътиборга олинган.
Қайд этилишича, ушбу фермерга жами 81,5 гектар, шундан 78,46 гектар суғориладиган ер майдонлари ажратиб берилган. МЧЖга 36 гектар суғориладиган ер майдони меъёрдан ортиқ ажратиб берилган.
Ушбу хўжалик раҳбари И.П.нинг яна қўшимча ер майдони ажратиш ҳақидаги оғзаки мурожаатига жавобан талаблари тушунтирилган.
Туман Ирригация бўлими ва туман Насос станциялари Ғузор участкасидан олинган маълумотга кўра, жамиятга қарашли ер майдонини суғориш учун етарли миқдорда сув бўлган ва қўшимча фойдаланиш учун жамиятда мавжуд носоз ер ости қудуғи таъмирланиб, сув чиқариш насослари ўрнатиб берилган.
"Биргина, 2022 йилнинг октябрь ойида туман ҳокимлиги томонидан тумандаги юқори унумли техникалар жалб этилиб, МЧЖнинг 50 гектар ер майдонини 25 млн 400 минг сўмлик ер тайёрлаш ишлари бепул бажариб берилган", - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 27 февраль куни фуқаро Ж.П. акасига тегишли чорва молларини Ғузор туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига ҳайдаб келган.
Фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.
Фуқаро жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган мазкур хатти-ҳаракатлари билан МжтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.
ЖИБ Қамаши туман судининг 2023 йил 3 март кунидаги қарорига кўра, ҳуқуқбузар фуқаро Ж.П.га етти сутка қамоқ жазоси тайинланган.