Меҳнат вазирлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, Тошкент вилояти хокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари соат 20:00 да ҳеч қандай буйруқ расмийлаштирилмаган ҳолда ўзининг меҳнат фаолиятини олиб бораётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан, бошқарманинг тегишли ходимларидан тушунтириш хатлари олинди.
Шу билан бирга, бошқарманинг ходимлар билан ишлаш ва махсус ишлар бўлими бошлиғидан жорий йилнинг 23 ноябрь куни соат 18:00 га йиғилиш белгиланганлиги ва бу борада ишдан ташқари ишга ходимлар қай тартибда жалб этилаётганлиги тўғрисида ҳам тушунтиришлар олинди.
Бунда, бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ўзларининг розилиги асосида қатнашганлиги, иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш бўйича ҳеч қандай буйруқ расмийлаштирилмаганлиги маълум бўлди.
Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкинлиги, 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Қайд этилишича, келгусида келиб чиққан қонунбузилишларни бартараф этиш ва йўл қўймаслик борасида юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тўғрисида Тошкент вилояти хокимлигига тақдимнома киритилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қорақалпоғистонда уч нафар майор кечаси йиғилишдан қайтаётганда автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандик.