Поиск
RUUZ

Общество

“Нажот”: Тазйиққа учраган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мобил илова ишлаб чиқилди

Энди оиладаги зўравонлик қурбонига айланган аёл “Ёрдам тугмаси”ни 3 сония босиб турса, ушбу илова унинг яқинларига зўравонлик ҳақида хабар беради.

831views0replies
0

senat.uz

Зўравонлик қурбони бўлган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам беришга мўлжалланган “Нажот” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати ҳабар бермоқда.
Қайд этилишича, илованинг бош саҳифасида фавқулодда вазият учун мўлжалланган “Ёрдам тугмаси” мавжуд. Агар фойдаланувчи оиладаги зўравонлик қурбонига айланган бўлса, ушбу тугмани босиб, 3 сониядан кўпроқ ушлаб туриши керак. “Нажот” иловаси қурбоннинг оиласига ёрдам сўраб хабар жўнатади ва унинг манзилига ҳавола юборади.
“Ёрдам” тугмачасини ишлатиш учун “Ёрдам учун контактлар” бўлимига фойдаланувчи яқинларининг контактларини ва ёрдам ҳақидаги хабарни қўшиши керак. Иловада ёрдам учун хабарга жавоб бера оладиган 5 тагача яқин кишиларнинг контактларини қўшиш мумкин. Ушбу одамларни илова тўғрисида олдиндан огоҳлантириш тавсия этилади.
Шунингдек, фойдаланувчи, агар керак бўлса, “Энг яқин ёрдам марказига хабар бериш” параметрини танлаши мумкин. Шунда фойдаланувчи учун хавф тўғрисидаги хабар энг яқин реабилитация марказига юборилади.
Бундан ташқари иловада “Ёрдам марказлари” бўлими мавжуд бўлиб, у ерда оилавий муаммолар, оиладаги зўравонлик ва фавқулодда вазиятларда ёрдам учун мурожаат қилиш мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу марказларда, агар керак бўлса, психолог, шифокор ёки ҳуқуқшунос маслаҳатларини олиш ва ҳимояланган турар жой сўраш мумкин. Бундан ташқари, зўравонлик қурбонлари илова орқали ҳудудлардаги Ички ишлар бўлимларининг аёллар масалалари бўйича инспекторларига мурожаат қилишлари ҳам мумкин.
Иловада ҳар бир ҳудуддаги зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш марказлари рўйхати келтирилган. Керакли ҳудудни танлаб, ушбу марказларнинг манзили ва контактлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, навигация учун ёрдам сифатида марказларнинг манзили харитада келтирилган.
Илова ёрдамида психологнинг онлайн ёрдамини, қийин вазиятда шифокор ва адвокат билан маслаҳатлашиш мумкин.
Қаерда ва қандай бўлишидан қатъи назар, фойдаланувчи ёрдам олгунча, у тақдим этган барча маълумотлар сир сақланади.
Ушбу мобил илова ўзбек ва рус тилларида мавжуд. Яқин орада “Нажот” мобил иловасини PlayStore'да юклаб олиш мумкин.
Маълумот учун, ҳар йили 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳар бешинчи аёл ва қиз зўравонлик ҳақида хабар беради. 
Ўзбекистонда 2020 йил январь-сентябрь ойларида зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 14 849 та мурожаат келиб тушган.
831views0replies
0

Комментарии