Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ЙПХ ходими BYD автомашинасини жарима майдонига олиб кетаётган Damas автомашинаси билан ЙТҲ содир этгани айтилган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ Матбуот хизмати маълумот берди.
Жорий йилнинг 30 январь куни ўтказилаётган рейд тадбири давомида, 2004 йилда туғилган фуқаро М.Ғ. амакиси Ё.Ғ.га тегишли бўлган BYD Song EV автомобилини тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлиги сабабли маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, ЙПХ инспектори томонидан автомашина жарима майдончасига олиб кетилаётганда, 2007 йилда туғилган вояга етмаган Х.Н. устози А.С.га тегишли бўлган Damas автомобилини ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, "Қапчуғай" маҳалласида иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга чиқиб кетиши натижасида, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ушбу ЙТҲ натижасида, Damas автомашинасини бошқарган вояга етмаган Х.Н. тан жароҳати олиб шифохонага олиб кетилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Х.Н. шифохонада вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Якунига кўра қонуний қарор қабул қилинади.