Президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.
Таъкидланишича, 2030 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 41 млнга етиши, иқтисодиёт эса 1,5 карра ўсиши кутилаяпти.
Ҳисоб-китобга кўра, 2030 йилда 117 млрд киловатт соат, 2035 йилда эса 135 млрд киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни, ҳозиргидан 1,7 баравар кўп.
Йиғилишда энергетика вазири шу мақсадга қаратилган узоқ муддатли дастурни тақдимот қилди.

Қайд этилганидек, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватлари барпо этилади. Уларни тизимга улаш учун 7 минг километр магистраль тармоқ қурилиб, рақамлаштирилган бошқарув жорий қилинади. Бу орқали ҳудудларда энергия баланси таъминланади. Бир вилоятда электр етишмовчилиги бўлса, бошқа жойда қўшимча қувватлар ишга туширилади. Бу ишлар учун келгуси беш йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га 4 млрд долларлик инвестиция киритиш талаб этилади.

Яна бир муҳим масала – электр энергиясининг таннархини пасайтириш. Бунинг омили муқобил манбаларни кўпайтиришдир. Хорижий экспертлар ҳам Ўзбекистон шароитида “яшил” энергия имкониятлари кўплигини айтаяпти.
Шундан келиб чиқиб, 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, 3 мингта микроГЕСда 164 мегаватт, қуёш ва шамол қурилмалари ҳисобига 750 мегаватт қувватларни ишга тушириш режалаштирилган.
Шу боис, ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10-15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8-9 фоизгача тушириш вазифа қилиб олинмоқда.
Хорижий инвесторлар билан яна 26 миллиард долларлик 24 гигаваттли лойиҳалар бўйича ишлар бошланган. Уларга кўп миқдорда ускуна ва қурилиш материаллари ишлатилади.
Мутасаддиларга буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, электр энергетикаси соҳасини 2035 йилгача ривожлантириш дастурини тайёрлаш топширилди.