Ўзбекистонда уй ва корхоналар томларининг камида 50 фоизи қуёш батареялари билан жиҳозланиши режалаштирилган. Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган йиғилишдан сўнг Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов маълум қилди.
“Яшил энергия улушини ошириш ва уни барча тармоқларга татбиқ этиш, бу жараённи имкон қадар рағбатлантириш, аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини харид қилиш вазифаси қўйилди”, — деди вазир.
Унга кўра, жорий этилаётган 3500 МВт янги генерация қувватига қўшимча равишда икки йил давомида қўшимча 1000 МВт яшил энергетика қувватларини ишга туширилди ва 3 мингга яқин микро ва кичик гидроэлектр станциялар ишга туширилди.
“Тураржой бинолари ва корхоналарнинг камида 50 фоизи томларига қуёш батареялари ва қуёш коллекторларини ўрнатиш дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди”, — деди энергетика вазирлиги раҳбари.
Бундан ташқари, электр энергияси, табиий газ ва бошқа иссиқлик манбаларини тежаш, жумладан, биноларда энергия самарадорлигини ошириш ва уни оптималлаштириш дастурини жорий этиш бўйича буйруқ берилди.
Шунингдек, самарадорлиги паст бўлган корхоналарни модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.