"Миллар" информацион дастурида маълум қилинишича, Тошкентдаги шифохоналардан бирига 31 ёшли аёл ва унинг 12 ёшли фарзанди пичоқланган ҳолда оғир аҳволда олиб келинган.
Шифокорнинг сўзларига кўра, беморларнинг бош қисми кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлар билан оғир аҳволда бўлган. Шунингдек, беморларнинг кўкрак қафаси ва елкаларида кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлар аниқланган. Малакали шифокорлар томонидан бир вақтнинг ўзида оғир аҳволдаги ўғил ҳамда унинг пичоқланган онаси жарроҳлик амалиётига олинган.
Маълумотга кўра, бемор уйда яқин қариндоши томонидан орқа томонидан кесилган жароҳатлар олган ва қўшниси томонидан шошилинч марказига олиб келинган.
"Операция амалиёти бошланди. Онанинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда, унинг ўғлининг ҳолати эса ҳозирда оғир аҳволда бўлиб, жонлантириш бўлимида керакли интенсив даволаш муолажаларини оляпти", - дейди шифокор.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабарига кўра, бу она ва болани пичоқлаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.