Жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган Олмаота туманлараро суди 2022 йил январь ойида мегаполисдаги оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари ва иштирокчиларига нисбатан ҳукм ўқиди, узоқ муддатлик қамоқ жазоси - 20 йил озодликдан маҳрум қилиш - Қозоғистонда "Дикий Арман" номи билан танилган криминал "авторитет" А. Жумагелдиевга берилди.
"А. Жумагелдиев 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. К.К. 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Р.И. 15 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди," - дейилади суд матбуот хизмати хабарида.
Жумагелдиев Қозоғистон ЖКнинг 5 та моддаси, жумладан, уюшган жиноий гуруҳни тузиш ва унга раҳбарлик қилиш ҳамда оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилди.
Оммавий тартибсизликларнинг бошқа иштирокчилари - Жумагелдиев тўдаси аъзоларига (жами 13 киши) 10 йилдан 15,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, - дейилади суд хабарида. Оммавий тартибсизликларнинг тўда таркибига кирмаган айрим иштирокчиларига 1,5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур иш бўйича суд жараёни 2023 йил октябрь ойида бошланган. Иш бўйича жами 43 киши текширилган. Уларга 2022 йил январь ойида ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, уюшган жиноий гуруҳ тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва унда иштирок этиш, талончилик, ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, бандитлик, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва унда иштирок этиш каби айбловлар қўйилган.
Жумагелдиев 2022 йил январь ойида оммавий тартибсизликлардан кейин ҳибсга олинган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, унинг гуруҳи январь воқеаларида 24 кишини ўғирлаб кетган ва ушлаб турган, улардан бири вафот этган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан қурол ўғирлаб кетилган.
Олмаота шаҳри маслихат собиқ депутати, тадбиркор К.К. 2022 йил 23 апрелда Жумагелдиев билан бирга январдаги оммавий тартибсизликларда иштирок этиш учун одамларни йиғишда гумонланиб ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, улар тўплаган гуруҳ майдонга чиқиб, у ерда намойишчиларни Жумагелдиев атрофида бирлаштиришга, майдонда тезкор штаб ташкил этишга ва ҳукуматга ягона талабларни қўйишга ҳаракат қилган.
"Amanat" партияси (собиқ "Нур Отан") К.Кудайбергенни ўз сафидан чиқариб юборди ва Олмаота шаҳри маслихати депутати мандатидан маҳрум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси бешинчи департаментининг собиқ раҳбари полковник Р.И. январь воқеалари пайтида "Дикий Арман" координатори бўлган.
2022 йил январь ойи бошида мамлакат ғарбидаги Жанаозен шаҳрида бошланган тинч намойишлар иқтисодий ва сиёсий талаблар билан бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига айланди. Айрим ҳудудларда қирғинлар, маъмурий бинолар, полиция бўлимлари, дўконларга ҳужумлар бошланган. Жиноий гуруҳларнинг ҳаракатларидан энг кўп зарар кўрган Олмаота шаҳри бўлган.