Бугун, 27 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.
Кенг кўламли минтақавий лойиҳанинг тамал тоши Жалолобод шаҳрининг Тошқутчу қишлоғида қўйилди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Садир Жапаров темир йўл нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарб мамлакатларини боғловчи муҳим стратегик кўприк эканини таъкидлади.
"Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, шу жумладан Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди. Лойиҳа минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлайди, транспорт йўналишларини диверсификация қилишга ва минтақанинг халқаро транспорт-транзит хаб сифатидаги рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради, бу эса Марказий Осиё мамлакатлари мақсадларига мос келади," - деди Садир Жапаров.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ўқиб эшиттирган мурожаатида Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланиши уч мамлакат деярли 30 йил давом этган тарихий воқеа экани таъкидланди.
У Марказий Осиё минтақасини Хитой билан энг қисқа қуруқлик йўли орқали боғлайдиган халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уч давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир якунида Садир Жапаров темир йўл қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Аввалроқ, Бишкекда темир йўл қурилиши бўйича инвестиция битими Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сирғабаев ва "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўл компанияси" МЧЖ директорлар кенгаши раиси Чжун Шенгуй томонидан имзолангани ҳақида хабар берган эдик.