Бугун, 4 декабрь куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасининг матбуот анжуманлар залида Тошкентнинг "Пахтакор" футбол клуби мутасаддилари ва ОАВ иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Ушбу матбуот анжуманида клуб раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва жамоага янги тайинланган португалиялик мураббий Педро Морейра иштирок этди.
Жамоа раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг маълум қилишича клубда бош мураббий лавозимида ишлаб келган Максим Шацких бош мураббийлик лавозимидан бўшатилди. Аммо, у клубда ўзининг маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.
Шунингдек, Ортиқхўжаев португалиялик Педро Морейра билан 1+1 муддатга шартнома имзолангани ва унга чемпионлик вазифаси қўйилганини айтди.
"Аввалги мураббийга раҳмат. Бу мавсум оғир кечганини биламан. "Пахтакор"га янги услуб ва ғоялар олиб киришга ҳаракат қиламан. Клубнинг келажак лойиҳаси менга маъқул келди," - деди Педро Морейра.
Шундан сўнг клуб раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Пахтакор" стадиони реконструкцияси ҳақида ОАВга маълумот берди.
"Баҳорда "Пахтакор" стадиони реконструкцияси бошланади. ФИФА стандартларига мос бўлади. Шундан сўнг ўйинларни уйда ўтказамиз. Аниқлик киритиб кетаман, реконструкция ҳозирдан бошланади. "Пахтакор" стадиони чими масаласида турк агрономлари билан 5 йиллик келишувга эришдик. Кейинги йилларда бу масалада муаммо бўлмайди," - деди Ортиқхўжаев.