Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Китоб тумани ҳокимлиги, ИИБ ва бошқа масъул идоралар ходимлари томонидан йўлнинг Тахтақорача довони яқинидаги хавфли қисмида махсус тактик тадбирлар ўтказилди.
Чора-тадбирлар йўл ёқасида ўпирилиш ва тош қулаш хавфи юқори бўлган ҳудудда фуқаролар ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу довондан ўтувчи автомобиль йўлига тош тушиш хавфи бўлган 17 та жойлардан вилоят ФВБ қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан мажбурий тош тушириш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга, вилоят Фавқулодда вазиятлар Давлат қуйи тизими (ФВДқТ) кирувчи хизматлари ҳамкорлигида туширилган тоғ жинслари қатнов қисмидан олиб ташлаш ишлари бажарилди.
Эсдатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 ноябрь куни Тахтақорача довонида Cobalt устига катта тош тушиб кетиши оқибатида 3 киши (уларнинг икки нафари Венгрия фуқароси бўлган) ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.