Президент “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонга олиб киришда қуйидаги товарлар ва транспортлар учун божхона божи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январгача узайтирилади:
— белгиланган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб кириладиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари;
— нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун янги тез тиббий ёрдам автомобиллари;
— белгиланган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар;
— ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган 8 ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга транспортлар;
— Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган рўйхатлардаги омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар;
— дор (осма) йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар, “банжи-жампинг” ва “зиплайн” аттракционлари, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган аэростатлар, гондолалар, “рафтинг” ва “флайбординг” учун ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар.
Ўзбекистонга олиб киришда қуйидаги товарлар 2021 йил 1 октябрдан 2024 йил 1 январгача божхона божидан озод қилинади:
— белгиланган рўйхат бўйича таълим ташкилотлари учун ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар;
— тақиқланмаган ўйин автоматлари, видеоўйинлар учун ускуналар ва боулинг учун автоматик ускуналар;
— белгиланган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари.