Жорий йилнинг май ойида Тошкентда Avtotuning устахонаси қаршисида пойга вақтида 2000 йилда туғилган ҳайдовчи avtotuning_uz Instagram саҳифаси асосчисини уриб юборгани, жабрланувчи шифохонада вафот этгани ҳақида хабар бергандик.
Август ойида ҳодиса юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилган ва ҳайдовчи 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ва 3 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Суд қарорида қайд этилишича, ҳайдовчи бир қатор йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда 60−70 км/соат тезликда пиёдани уриб юборган.
Тошкент шаҳар суди Матбуот хизматининг UzNews.uz'га хабар қилишича, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида жиноят иши апелляция тартибида қайта кўриб чиқилган.
Тошкент шаҳри суди судьяси Музаффар Аҳмедов раислигидаги судлов ҳайъатининг йиғилишида қамоқда сақланган 4 ой 2 кун жазодан чегирилиб, ўташ учун қолган 2 йил 7 ой 28 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланди ва 2 йил синов муддати белгиланди. Судланувчига нисбатан қўлланилган “қамоқ олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоқдан озод қилинган.
Маълумот учун, ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида жазо тариқасида — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.