Баскетбол федерацияси ижрочи директори Ю.С. ишлар бошқарувчиси С.И. билан жиноий тил бириктириб, С.И.нинг онаси ва укаси номига "S.A.G." МЧЖ ташкил қилиб, спортчилар соғлиғини мониторинг қилишга мўлжалланган 2 дона аслида етказиб берилмаган махсус ускуналар учун федерациядан 197 млн сўм маблағни жамият ҳисобига ўтказиб, талон-торож қилганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура Матбуот хизмати.
Шунингдек, федерациянинг 1-вице президенти Х.Г. федерацияга тегишли бўлган корпоратив пластик картадан ноқонуний равишда шахсий эҳтиёжлари учун 162 млн сўм маблағни ечиб олиб, ўзлаштиргани маълум бўлди.
Бундан ташқари, юқоридаги мансабдор шахслар томонидан федерацияга гуёки ҳомийларни жалб қилиш хизматларини кўрсатиш ҳақида сохта шартнома расмийлаштирилиб, федерациянинг 130 млн сўм маблағлари ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилди ва суднинг ҳукми билан айбдорларга тегишли жазо чоралари қўлланилди.