Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижондаги мактаблардан бирида ўқувчи мактабдошини калтаклагани акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Андижон вилояти Асака туманидаги 34-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида содир бўлган. 9 синф ўқувчилари А.Х. ва М.Р. (2009 йилда туғилган ўғил болалар) ўртасида ўзаро жанжал келиб чиқиб, А.Х. М.Р. ни уриб, тан жароҳати етказган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
"Вазият юзасидан Болалар омбудсмани ўз кузатувини давом эттиради",- дейилади хабарда.