Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги йўлдан ўтган кўприкка юк машинаси келиб урилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, 2024 йил 5 август куни соат 04:00 ларда 2002 йилда туғилган ҳайдовчи А.С. ўзининг бошқарувида бўлган “НОWO” русумли юк автомашинасини Андижон тумани “Саноат” МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-116 автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётиб, ухлаб қолиши оқибатида бошқарувни йўқотган ва темир йўл кўпригига бориб урилган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида, НОWO русумли юк автомашинаси ҳамда темир йўл кўприги зарарланган, тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Андижон тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.