Поиск
RUUZ

Общество

Учта ҳудудда туман ҳокимлари ўринбосарлари пора билан қўлга тушди — видео

Тахиатош ва Бўка туманлари ҳокимларининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ДХХ томонидан қўлга олинди.

124views0replies
0

Видеодан кадр

ДХХ Республиканинг тури ҳудудларида учта туман ҳокимларининг ўринбосарларини пора билан ушлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ўзининг мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 35 млн сўм талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 32 млн сўмни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон вилояти Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўзининг номида бўлган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик тасарруфидаги 10 гектар ер майдонини экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартириб, шунингдек, бу ҳақида туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, кенгаш раиси аванс сифатида олган пул маблағини Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда ҳоким ўринбосари ҳам 10 минг АҚШ долларини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.
Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда эса Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун “Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси”ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2 500 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда унинг топшириғига кўра, талаб қилинган пул маблағини олган вақтида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 1 200 АҚШ долларини Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникация, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда ҳоким ўринбосари ушбу пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ушланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
124views0replies
0

Комментарии