Поиск
RUUZ

Общество

Тошкент вилоятида 31 ёшли ҳомиладор аёл туғруқхонда ҳомиласи билан вафот этди — видео

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳодисага изоҳ берди.

850views0replies
-1

UzNews.uz коллажи

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида туғруқхонада ҳомиладор аёл қорнидаги ҳомиласи билан вафот этди. Бу ҳақда UzNews.uz'га аёлнинг қайнонаси мурожаат қилди. 
Унинг айтишича, 3 апрель куни аёл учинчи фарзандига ҳомиладорлиги сабаб туғиш учун соат 02:30 ларда Оҳангарон шаҳар туғруқхонасига борган. Ҳолати яхши деб айтган тиббиёт ходимлари туғруққа тайёрлаш учун олиб қолган. Шу куни аёл турмуш ўртоғи билан ҳам телефонда гаплашиб, аҳволи яхшилини айтган. Аммо, эри аёлга соат 14:00 ларда бир неча марта телефон қилган. Жавоб бермагани учун хавотирланиб, туғруқ залининг ойнасидан ошиб кирганида хотинини ўлик ҳолда кўрган, залда ҳеч ким бўлмаган, эшик ҳам маҳкам ёпилган бўлган.
Ҳодиса юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди. Қайд этилишича, аёл қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига “Ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта туғуруқ 3. Туғуруқнинг 1 даври, латент фазаси. Семизлик 3 даража” ташхиси билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.
4 апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган. Шундан сўнг, зудлик билан реаниматолог иштирокида беморда зарур реанимацион чоралар амалга оширилган.
Бироқ, шунга қарамай, соат 14:35 да аёлда биологик ўлим ҳолати кузатилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.
850views0replies
-1

Комментарии