"Олдинги замонларда, раҳматли Ислом Абдуғаниевич даврида ҳамма қўрқди. Кўп бизнеслар юрмади. Машинам орқасида сумка юрарди. Унда кийим-кечакларим бўларди. Хоҳлаган вақт чақиришса, кетишга тайёр турардим.
2013 йилда "Омон" босди. Ўша вақтда кондиционер заводи очганман. Ишлаганига ўзи уч ой бўлган. Уч ой ичида умумий ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг эквиваленти 4 млн доллар эди. Электрдан текширувчи келиб, "сенлар айлантирибсанлар'', деб 7 млн доллар жарима солиб кетган. Бу 28-30 млрд сўм атрофида эди. Лекин, у ерда бунча маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Мақсад, катта муаммо топиш бўлган. Мен Туркияда эдим ўша вақт. Телефон қилиб, келмай туринг дейишди. "Сизни қамагани келишганди, ўрнингизга бошқасини олиб кетишди", дейишди. Заводда Раҳматжон деган синфдошим бор эди, уни қўлига кишан тақиб олиб кетишган. 4-5 ой қамоқхонада ётган. Мен Истанбулдан Швейтцарияга учганман. Кейин қайтиб келиб, улар билан гаплашганман. Заводни олсаларинг олаверинглар деганман. Ишлама десангиз ишламайман, ишла десангиз ишлайман, деганман. Йўқ, ишлайвер дейишган. Лекин, ознига қийнашган. Ўшанда жаҳлим чиққан, исботсиз айб эди бу", - дейди Ортиқхўжаев.
"Чет элда ҳеч нарсам йўқ. Ҳатто фарзандларимда ҳам йўқ. Кўп бизнесмен укалар айтади: нега чет элда пул сақламайсиз. Эртага қамаб қўйишса нима қиласиз? Мен айтаман: кечқурун ухлаётганингда Аллоҳга таваккал қилиб ухлайсан. Эрталаб ҳам Аллоҳга таваккал қилиб кўчага чиқиб кетасан. Нега энди пулни Аллоҳга таваккал қилмайсан. Ўзимнинг "логикам" бор: бутун ҳаётимни Аллоҳга таваккал қиламан. Масалан, давлат менинг заводларимни олиб қўйди дейлик. Нима, уларни дискотека ёки қиморхона қиладими? Завод қилиб ишлатади. Заводим бўлиб яшадим нима, заводим бўлмасдан яшадим нима", - дейди тадбиркор.