Поиск
RUUZ

Криминал

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасида 350 ва 135 метрли яширин туннеллар аниқланди — видео

Жиноий гуруҳ аъзоларидан 11 млрд сўмлик телефон аппаратлари, қарийб 2 кгга яқин олтин ёмби ва заргарлик буюмлари топилган.

56views0replies
0

ДХХнинг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган. Тадбир давомида Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланган. Натижада улар орқали товар-моддий бойликларни олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Дастлаб, Қирғизистон фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, Ўзбекистондан эса 1 кг 745 гр олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланиб, уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилган. Мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Таъкидланишича, ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 см, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади.
Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан дастлабки қиймати 11 млрд сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 кг 745 гр олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинди.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

56views0replies
0

Комментарии