Куни кеча Россия Федерациясида президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда Владимир Путин энг кўп овоз олган ҳолда ғалаба қозонди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни ушбу сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.
Давлат раҳбари мактубида сайловчиларнинг юқори фаоллиги ва овоз бериш натижалари аҳоли Владимир Путиннинг сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурига ишонч билдираётгани ва уларни қатъий қўллаб-қувватлаётганининг навбатдаги ёрқин намойиши бўлгани таъкидланади.
Шавкат Мирзиёев Россия президентига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, Россия халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, протоколларнинг 99,36 фоизи санаб чиқилди. Амалдаги президент Владимир Путин ушбу сайловда 87,32 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унга 74 миллиондан ортиқ киши овоз берди. Бу 1991 йилдан бери овоз бериш тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, Владимир Путин 2030 йилга қадар президент сифатида фаолият юритади.