Такси хизматлари учун нақд ва нақд пулсиз тўловлар бўйича тўловларни фискаллаштириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 2023 йил декабридан 2024 йил февралига қадар бюджетга 9,7 миллиард сўм солиқ тушди. Бу ҳақда Солиқ қўмитасининг Саноат ва истеъмол бозорини таҳлил қилиш бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил декабрь ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 млн ташувлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш фаолияти 80,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан амалга оширилган.
Жорий йил январь ойида қатновлар сони 5 млнга етди. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилди. Энг юқори айланмага эга шахслар сони 8 446 та бўлиб, битта ҳайдовчига ўртача 8,5 млн сўмдан тўғри келган.
Ҳозирда қўмита ушбу йўналишдаги ишларини давом эттирмоқда. Хусусан, пойтахт ва вилоятларда фаолият юритувчи маҳаллий ва хорижий онлайн агрегаторларнинг барча тизимларини бирлаштириш режалаштирилган.
Қонун талабларига тўлиқ риоя қилмасдан, қисқа кодлардан фойдаланган ҳолда ташишларни амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар фаолиятини қонунийлаштириш ҳам кўриб чиқилмоқда.