Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Яшнобод туман бўлими болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлинмаси ходимлари томонидан 156-сонли мактаб ошхонасида мурожаат асосида ўрганиш ишлари ўтказилган.
Маълум қилинишича, шу каби назорат тадбири Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан 134-сонли таълим муассасасида эпидемиологик кўрсаткич асосида олиб борилган.
Тадбир давомида мактаб ошхонасида тақиқланган майонез ва кетчуп қўшилган маҳсулотлар, рангли ва газли ичимликлар, сақичлар, қотирилган нонлар, ҳар хил турдаги қандолат маҳсулотлари сотилаётганлиги аниқланган.
"Мактаб ошхоналарида тақиқланган маҳсулотлар савдосини чеклаш ва уларни назорат қилиб бориш мактаб ҳудудида ташкил этилган бракераж комиссияси ваколатига ҳам киради. Шунингдек, мактаб ошхонасига сотиш учун олиб келинган ҳар бир маҳсулотни сифат кўрсаткичларига мослиги бракераж комиссияси томонидан кўриб чиқилиши ва тақиқланган маҳсулотлар улар томонидан савдодан олиниши керак",- дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, айрим озиқ-овқат ва ичимликларни сотишга чекловлар киритилгани хақида хабар қилинди.