Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, Қорақалпоғистонда иш юритувчи “Рафс” СИЧК, “Рухшона Ҳамид” МЧЖ, “Сувиншоатгазқурилиш" ХК, “Имкон-Ҳамкор” ХК, “Руслан” ФХ, “Тўрткўл Бунёд Оил” МЧЖ ҳамда “Гулнора Газ Сервис” МЧЖларга қарашли АЁҚШларда ўрганишлар ўтказилган.
Ушбу ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бензин маҳсулотлари харид қилиниб, белгиланган тартибда тегишли лабораторияларга тақдим этилган. Лаборатория таҳлиллари 7 та хизмат кўрсатувчи шохобчанинг бензин маҳсулотларини сифатсизлиги бўйича ўз хулосасини берган.
Мазкур хулосага кўра ёнилғи қуйиш шохобчаларидан намуна олинган АИ-92 бензиннинг таркибидаги Октаннинг норматив ҳужжат талабига кўра 92,0 бўлиши кераклиги, лекин текшириш натижасида ушбу кўрсаткич шохобчалардан олинган намуна ёқилғи маҳсулотларида 90 га ҳам етмаганлиги, ЎзДст 3031:2015 1-1-банди талабига жавоб бермаслиги хулоса қилинган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда АЁҚШлар томонидан 2023 йил АИ-92 маркали сифатсиз жами 26 минг литрдан зиёд автобензин сотилганлиги, бунинг натижасида истеъмолчиларга жами 277 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Ўтказилган текшириш натижалари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб қарор, кўрсатмалар берилди.