Бугун, 26 февраль куни яна бир автобус ёнганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, бугун, 26 февраль куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида "Тошкент-Жумабозор" йўналиши бўйича қатновчи, "Тошшаҳартранс"га тегишли, ҳайдовчи 1967 йилда туғилган А.А. бошқарувида бўлган йўловчи ташувчи автобус носозлик туфайли тўхтаган ва 20 нафарга яқин йўловчилар автобусдан туширилган.
Шундан сўнг, автобус мотор қисмида қисқа туташув бўлиб, ёнғин чиққан ва ёнғин ҳудудий ФВБ ходимлари билан ҳамкорликда бартараф этилган.
Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар ёки жабрланганлар йўқ.