Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида “Газли” компрессор станциясидаги 8 та ҳамда “Газли” газни қайта ишлаш заводига қарашли “Учқир” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган.
Оқибатда, табиий газ ҳажми меъёрий схемадагидан қисқариб, магистраль газ қувурларида босим нисбатан пасайган.
"Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ва бу чеклов бугун ҳам давом этади", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, кеча мамлакатдаги 133 та метан заправка орқали ижтимоий соҳа – тиббиёт муассасалари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 700 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.
Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 18 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1 минг 126 тонна автобензин етказиб берилди.
Ҳозирги вақтда 110 кВли “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш устида ишланмоқда.
Кеча мамлакат бўйлаб қаттиқ шамол ва кучли қор ёғиши туфайли электр қурилмаларида юзага келган 9 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.