"Ватандош" минтақалараро ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов Москвада қўлга олингани ҳақида Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Telegram каналида хабар берилди.
РФ МКнинг Москва шаҳри бўйича Бош тергов бошқармаси тергов органлари Усмон Баратовга нисбатан жиноий иш қўзғатди. У Россия Федерацияси ЖКнинг 282-моддаси (нафрат ёки адоватни қўзғатиш, шунингдек инсон қадр-қимматини камситиш) 2-қисми "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил декабрида Баратов ва бошқа шахслар Москва вилоятида бўлганларида ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаларида бир гуруҳ Россия фуқаролари, жумладан, махсус ҳарбий операция иштирокчилари шаънини камситувчи нашрни жойлаштирган.
Департамент қайси нашр ҳақида аниқлик киритмаган. Бироқ аввалроқ ижтимоий тармоқларда У.Баратовнинг Одноклассники ижтимоий тармоғидаги нашрига эътибор қаратишган эди. У тухум нархлари ҳақида пост жойлаштирди. Унда "тухум бўлиши учун хщрозларни урушдан қайтаринг" деяётган товуқлар акс этган эди.
Тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Усмон Баратов пойтахт Тергов қўмитасининг бўлимига олиб кетилди.
Терговнинг илтимосига биноан Усмон Баратовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди.
Сўроқ пайтида Баратов ўз айбини тан олмади. Жиноят иши юзасидан бир қатор суд-тиббий экспертизалар, жумладан, лингвистик ва компьютер-техник экспертизалар тайинланган.
Мазкур жиноятни содир этишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.