Экология вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуйидаги омиллар таъсир этмоқда.
Хусусан:
Тошкентда яшил ҳудуд камайган. Жумладан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган. Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда.
Қолаверса, автотранспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.
Бундан ташқари, шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, йўл ҳаракатини тўғри ташкил этилмаган. Натижада Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобиль эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.
Аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн тоннага етган.
Маълумот учун, 10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 кг қурум, 360 кг олтингугурд ИИ оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот ИИ оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси ажралиб чиқади.
Куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд Иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳолини эътирозларига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабрь ойида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган.
"Шунингдек, шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди,- дейилади хабарда