Бугун, 11 январь куни Россиянинг Пенза вилоятида JAC микроавтобуси ва Volvo юк автомашинаси тўқнашиши оқибатида JAC микроавтобуси ичида бўлган жами 9 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 7 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 2 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон ФВВнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан ФВВ, ТИВ, ИИВ, ССВ ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида, вафот этган ва жабрланган фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вазирликнинг айтишича, Россия Федерацияси масъуллари ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.