Жорий йилнинг 18 ноябрь кунига ўтар кечаси юзларига ниқоб таққан 3 нафар номаълум шахслар Жиззах вилояти Ғаллаорол туманининг Оқтом маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш уйига бостириб кириб пул талаб қилган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Хонадондан моддий қимматликлар топа олишмаганидан кейин оила бошлиғи ва унинг турмуш ўртоғининг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатишган. Босқинчилар улардан пуллари қаерда сақланишини сўраб хонадон эгаларига оғир тан жароҳати етказишган ва воқеа жойидан яширинишган.
Оғир тан жароҳати олган оила бошлиғи ва унинг аёли Ғаллаорол тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 70 ёшли отахон орадан 6 кун ўтиб вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари ва тезкор суриштирув ишлари натижасида босқинчи шахслар аниқланди.
Ушбу жиноятни содир этишда гумонланган Самарқанд вилоятида яшовчи 1991, 1994 ва 1998 йилда туғилган ҳамда жабрланувчилар билан бир маҳаллада истиқомат қилувчи 36 ёшли фуқаро процессуал тартибда ушланган.
Гумонланувчилар ушбу жиноятни яшириш мақсадида ниқоблар, қўлқоплар ва темир бўлагини Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Дўрмонсой маҳалласидан оқиб ўтувчи каналга ташлаб юборишган. ИИО ходимлари ушбу жиноят қуролларини яширилган жойдан ҳужжатлаштириб олишган.
Гумонланувчи шахсларнинг 3 нафарига ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми "в,г" бандлари, бир нафарига ЖКнинг 28-моддаси орқали 164-моддаси 3-қисми "в,г" бандлари билан айблов элон қилинган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.