Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасига кўра, фуқароларга ўзларининг кўчмас мулк объектларини интернетда орқали реклама қилиб сотишлари тақиқланмоқда. Бунда ушбу хизмат фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали амалга оширилади.
Янги таҳрирдаги қонуннинг 27-моддасига кўра, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепул амалга оширилади.
Мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кенг танқидларга учраганидан сўнг, Давлат активларини бошқариш агентлиги лойиҳа юзасидан тушунтириш берди.
Агентликнинг изоҳ беришича, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати туғилган. Чунки, кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганига қарамасдан, 2010 йилдаги амалдаги қонун замонавий воқеликларга ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги ўзгаришларга мос келмайди.
“Қонун лойиҳаси риэлторлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, “соядан” чиқишни рағбатлантириш ва ноқонуний (қора) риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари фаолиятини легаллаштириш, шунингдек, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда ноқонуний риэлторлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари авж олишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, бунда АҚШ, Германия ва Францияда риэлторлар лицензияга эга бўлиши мажбурлиги ҳамда риэлторлар фаолияти кўпроқ тартибга солинган Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) риэлторлик фаолияти амалга оширишда лицензияга эга бўлишдан ташқари, ҳар бир агент профессионал ташкилотлардан бирига аъзо бўлиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, қонун лойиҳаси учун муҳокама 29 декабрга қадар давом этади.