"Газпром" қаттиқ совуқлар фонида Ўзбекистон томонининг илтимосига кўра Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш ҳажмини оширди. Бу ҳақда 26 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда "Газпром" бошқаруви раиси Алексей Миллер маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда етказиб бериш ҳажми имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятлардан икки баравар кўп ва "Марказий Осиё – Марказ" (CАC) газ ташиш тизимининг максимал ўтказиш қобилиятига тўғри келади.
"Декабрь ойида Ўзбекистонга ҳам совуқ келди. Ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кундалик мажбуриятларимизни икки баробарга оширишни сўрашди. Айни пайтда, декабрь ойида Ўзбекистонга "Марказий Осиё – Марказ" газ қувури орқали етказиб берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб берамиз", — деди Миллер.
Маълумот учун, Ўзбекистон 7 октябрдан куз-қиш мавсумида кўк ёқилғи тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга (йилига деярли 2,8 миллиард кубометр) тузилган. Харид ҳажми кунига 9 миллион куб метрни ташкил қилиши керак.