Ҳиндистоннинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция либосида бўлган бир гуруҳ шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетди. Бу ҳақда “Дунё” мамлакатнинг Press Trust of India ахборот агентлигига таяниб хабар берди.
Гуруграм шаҳрининг 53-секторида шанба куни кечки соат 21:00 атрофида меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани полициячилар тўдаси гўёки ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб, қочиб кетган.
Ўзини Б.С. деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Гуруграм шаҳрида жойлашган “Artemis“ шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келган.
Б.С. ушбу воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилган. “Машинадагилар ўзларини полиция ходимлари сифатида таништирди, шахсий гувоҳномаларини кўрсатиб, сумкаларимизни текшириш кераклигини айтди”, деб таъкидланган шикоят хатида.
Ҳозир Гуруграм шаҳрининг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғирлик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Элчихона томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан мазкур ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилди, вазият назоратга олинди.