Бугун, 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспектори 1992 йилда туғилган М.Ж.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши ЖПКнинг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига мувофиқ М.Ж. вояга етмаган З.Д.га (2010 йилда туғилган) нисбатан ЖКнинг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, дея хабар бермоқда Олий суд Матбуот хизмати.
"Бундан ташқари, суд томонидан ЖПКнинг 417-моддаси тартибида М.Ж.га ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт–шароит яратиб берган Ш.А., М.З. ва Ф.М.га нисбатан ЖКнинг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилди", - дейилади хабарда.