Бугун, Тошкент шаҳрида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими ўтказилмоқда. Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мамлакатда коррупцияга қарши амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Маълум қилинишича, коррупциянинг бугунги кундаги дунё миқёсидаги зарари 3 трлн АҚШ долларига етган. Аммо катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган аниқ зарарни ифода эта олмайди. Президент энг ёмони жамият кўраётган маънавий зарар эканлигини билдириб, унинг кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмаслигини айтди.
Таъкидланишича, мазкур муаммонинг оқибатларини чуқур англаган ҳолда Ўзбекистон БМТ, Жаҳон банки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда.
Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.
"Сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзлаганмиз. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган",- дейди Шавкат Мирзиёев.