Поиск
RUUZ

Общество

Zо‘rTV журналистларини калтаклаган "Кўприкқурилиш" корхонаси ходимига ҳукм ўқилди

Судланувчидан Zо‘rTV канали фойдасига етказилган зарар учун 23 миллион 755 минг 641 сўм маблағ ундирилди.

377views0replies
0

Видеодан кадр

Жорий йил август ойида "Кўприкқурилиш" корхонаси ходими Zо‘rTV журналистларини калтаклагани учун ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан бугун, 6 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида суд иши кўриб чиқилди, дея UzNews.uz'га хабар берди Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати.
Суд мажлисида Zо‘rTV журналисти ва операторини калтаклаган шахсга ҳукм ўқиди. Судланувчи Нодир Эшниёзов ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми "а" ва "г" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Судланувчига дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Сўнг, ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди.
Судланувчидан Zо‘rTV канали фойдасига етказилган зарар учун 23 миллион 755 минг 641 сўм маблағ ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, "TELERADIOKOMPANIYA ZO’R" МЧЖга тегишли бўлган 1 дона “SONY XDCAM Z280” русумли видеокамера, 1 дона “SONY MDR-XB550” русумли қулоқчин, 1 дона “Sennheiser EW 335-g3” русумли микрофон ва 1 дона “Sennheiser G4” русумли микрофон базасини “TELERADIOKOMPANIYA ZO’R” МЧЖга қайтариш белгиланди.
377views0replies
0

Комментарии