Президентнинг жорий йил 31 майдаги Қарори билан прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси қабул қилинди ва шу тариқа прокуратура тизимида маънавий-маърифий ишлар янги босқичга кўтарилди.
Айниқса, инсон қадрини улуғлаш, Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган тизим ходимларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ёш авлодга етказиш орқали уларда эл-юртга садоқат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шўролар қатағонларининг даҳшатли даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам борлигини чуқур қайғу билан Бош прокурор Ниғматулла Йўлдашев маълум қилди.
"Ори ва номусини ҳар нарсадан устун қўйиб, ноҳақликларга қарши борган, қатъият кўрсатган, чин маънода довюрак ва ватанпарвар маҳаллий ходимларнинг 150 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари эса отиб ташланган. Бу маълумотлар фақат қисқа муддатда аниқланганидир", - деган Ниғматилла Йўлдошев "Халқ сўзи" газетасида чоп этилган мақолада.
Бош прокурорнинг маълум қилишича, ноҳақлик азобларини тортган прокуратура тизими ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг жасоратини ёш авлодга етказиш бўйича бугун аниқ ишлар бошланган.
Жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган фармойиш билан қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича "йўл харитаси", унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳга прокуратура ходимларидан ташқари, турли илмий муассасалар, музейлар ва бошқа тузилмалар вакиллари киритилди.
Фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофазалашдек шарафли вазифаларни зиммасига олган прокурорларнинг масъулияти энди ҳар қачонгидан ҳам кучайди.
"Таъбир жоиз бўлса, янгиланган Конституциянинг амалга киритилиши билан прокуратура органлари ҳам янги ва масъулиятли даврга қадам қўйди.
Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ташаббуслари самараси ўлароқ, ҳар жиҳатдан такомиллашиб бораётган тизимимиз бу давр олдимизга қўяётган устувор вазифаларни шараф билан адо этиш учун барча имкониятларга эгадир", - дея сўзини якунлади Бош прокурор.