Поиск
RUUZ

Общество

ИИО ходимини тасвирга олган шахсни 15 сутка билан жазолаш бугунги очиқлик сиёсатига зид — Юксалиш

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ножўя ҳаракатлари акс этган тасвирлар Интернетда тарқалган ҳолларда, раҳбарлар ўз эътиборини тизимни такомиллаштириб боришга қаратиши керак.

930views1replies
0

UzNews.uz

Куни кеча ИИО ходимларини обрўсизлантириш мақсадида видеотасвирга олган шахсларга нисбатан 15 суткагача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин бўлган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқуллангани ва қўшимча кўриб чиқиш учун Сенатга юборилгани ҳақида хабар берган эдик.
"Юксалиш" ҳаракати ИИО ходимини тасвирга олган шахсга 15 сутка жазо беришни очиқлик сиёсатига зид эканлигини айтди.
Жамоатчилик томонидан ушбу норманинг киритилиши бугунги очиқлик сиёсатига зид келиши ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатга путур етказиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим.
Янги норма билан киритилаётган янги жавобгарликнинг белгиланиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмати билан боғлиқ фаолиятини тасвирга олиш мумкин эмас деган қоидани келтириб чиқармаслиги лозим.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ножўя ҳаракатлари акс этган тасвирлар Интернетда тарқалган ҳолларда, раҳбарлар ўз эътиборини тизимни такомиллаштириб боришга қаратиши керак. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг халқчиллиги ва профессионаллигини оширишга хизмат қилади.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қонуннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги, айниқса пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун киритилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди.
Шу билан биргаликда, қонун Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилади. Бу босқичда сенаторлар жамоатчиликда юзага келган саволлар ва эътирозларга жиддий эътибор қаратиши лозим деб ҳисоблаймиз", - дейилади хабарда.
930views1replies
0

Комментарии