ИИО ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фото ва видеоларни интернетга тарқатган шахсларга 15 суткагача қамоққа олиш жазоси жорий қилинмоқчи.
ИИО ходимларини суратга олишни тақиқловчи худди шундай қонун лойиҳаси бир ярим йил аввал муҳокамага қўйилган, бироқ қабул қилинмаган эди. Депутат Дониёр Ғаниев бундай ташаббусга қарши чиқди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, ИИО ходимларини фото ва видеога олиб ижтимоий тармоқларда тарқатиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мазкур қонун лойиҳасига қарши чиқди ва бу давлат раҳбарининг очиқлик сиёсатига зид эканини айтди.
"Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-модда киритилмоқда, бундан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида олинган фотосурат ва видеоларни интернетда тарқатиш 15 суткагача қамоқ билан жазоланади.
Қолаверса, бу ҳукуматнинг ички ишлар органларига нисбатан очиқлик тўғрисидаги қонунларини бевосита бузиш ҳисобланади. Конституциямизда ҳам ахборот эркинлиги бор. Буларни ҳисобга олиш керак", - дейди депутат Дониёр Ғаниев.
2022 йил март ойида фуқароларга йўл ҳаракати хизмати ходимларининг фото ва видеоларини уларнинг рухсатисиз интернетга жойлаштиришни тақиқлаш кўзда тутилган худди шундай қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Бироқ, ўша пайтда у қонун лойиҳаси қабул қилинмаган эди.